Бойсун ва Олтинсойда сел келди: маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди

Кучли ёмғир ёғиши натижасида Олтинсой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Олтинсой сойининг сув ҳажми сезиларли даражада ошган. Ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган 900 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга вақтинча кўчирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Бойсун ва Олтинсой туманида сел келди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 13 май куни кучли ёмғир ёғиши натижасида Олтинсой тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Олтинсой сойининг сув ҳажми сезиларли даражада ошган.

Сув тошқини юзага келиши мумкинлиги сабабли унинг олдини олиш мақсадида ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган 900 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга вақтинча кўчирилди.

Бундан ташқари, шу куни Бойсун туманидаги Пасурхи маҳалласига Бойсун тоғ тизмасига сурункали ёмғир ёғиши натижасида Ойбарак сойи орқали сел келган.

Шунингдек, туманнинг Ҳунармандлар маҳалласидан оқиб ўтувчи Авлод сойи орқали сел келиши оқибатида Авлод ҳамда Сариосиё қишлоқларини боғлаб турувчи кўприкни сув босганлиги туфайли автомобилларнинг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилган.

Бойсун ва Олтинсойда сел келди: маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди

Вазият вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тўлиқ назоратга олинган. Айни дамда бошқарма қутқарувчилари ҳамда ФВДТнинг 150 дан ортиқ ходими, шунингдек, 20 га яқин техника ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Сел оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида кучли ёғингарчилик сабабли сел келгани хабар қилинган эди.