ТОШКЕНТ, 13 май - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисидаги Фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.
Ҳужжатга кўра, асосий ўзгаришлар:
Давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссаси ҳозирги 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача оширилади. 2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига хорижий инвесторлар жалб қилинади.
"Ипотека-банк", "Ўзсаноатқурилишбанк", "Асака" банки, "Алоқабанк", "Қишлоқ қурилиш банк" ва "Туронбанк" даги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилади (сотилади).
"Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки", "Агробанк" ва "Микрокредитбанк" устав капиталларида давлат улуши сақлаб қолинади.
Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиши тақиқланади.