ТОШКЕНТ, 13 май - Sputnik. Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси РФ ҳудудида бўлиб турган ватандошларга мурожаат билан чиқди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқаролари Россиядан олиб кетиш учун ташкил этилаётган чартер рейслари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқларда баъзи ватандошларимизнинг ва блогерларнинг ўзбекистонликларни ватанга қайтариш жараёнидан норози бўлиб билдирган фикрлари ва видеолавҳалари тарқалмоқда.
Хабарда айтилишича, 2020-йил 12-май ҳолатига кўра, элчихона консуллик бўлими томонидан тузилган онлайн-рўйхатга ватанга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши киритилган. Бу каби рўйхатлар Ўзбекистоннинг Россия ҳудудларидаги Бош консулхоналари томонидан ҳам юритилиб, уларда тахминан 10 мингга яқин фуқаро қайд этилган. Жорий йили 11-12-май кунларининг ўзида 14 минг ватандошимиз Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилди.
Ҳозирги вақтда Элчихона ўз имкониятлари ва ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россиядан имкон қадар тез муддатда олиб чиқишга барча кучларини сафарбар қилган. Тезкор штаб тузилган, 9 та ходимдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилиб, у доимий равишда фуқаролар билан ишлаб келмоқда.
Маълумки, чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар жойлаштирилади. Шу сабабли элчихона дипломатлари томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар сўралганда ватандошлардан вазиятни тўғри тушунишлари ва тегишли ҳужжатларни тақдим этишлари сўралмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда Элчихона ва Консуллик бўлими атрофида чартер рейслари орқали Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқароларимиз тўпланиши кузатилмоқда. Ушбу ҳолат турли касалликлар, шу жумладан, COVID-2019 коронавирус инфекциясини юқтириш хавфини орттиради.
"Элчихона Россиядаги ўзбекистонликларнинг COVID-2019 коронавируси тарқалиши билан боғлиқ вазиятдан хавотирлари ва Ватанга, ўз оила ва яқинлари бағрига қайтиш истагини яхши тушунади. Шу билан бирга, Элчихона Россиядаги ватандошларимиз тўқнаш келаётган молиявий қийинчиликлар ҳақида ҳам хабардор бўлиб, шу кунларда “Меҳр” лойиҳаси доирасида фуқароларимизга бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлаб беришни бошлади", - дейилади хабарда.