ТОШКЕНТ, 11 май - Sputnik. Ҳиндистон вирусология институти организмда SARS-CoV-2 коронавируси инфекциясига қарши антитаначаларни аниқлайдиган анализни ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда Sputnik радиоси.
Таъкидланишича, Ҳиндистонда ишлаб чиқилган таҳлиллар қон намуналарида мавжуд иммуноглобулинларни аниқлашга қодир экан.
"Бу комплект Мумбайнинг 2та участкасида синовдан ўтказилди ва у юқори аниқлилик ҳамда юқори таъсирчанликка эга. Бундан ташқари, унинг афзаллиги шундаки, у бир вақтнинг ўзида 2,5 соат ичида 90та намунани тестдан ўтказиши мумкин ва тиббиёт ходимларига беморларни ажратиш бўйича зарур ишларни тезликда амалга ошириш имконини беради". - деб ёзган соғлиқни сақлаш вазири Харш Вардхан Twitterда.
У шунингдек, тестларни оммавий ишлаб чиқиш бўйича технологиялар фармацевтик компанияларга топширилгани, дориларни назорат қилиш бўйича бош бошқарма компанияларга уларни ишлаб чиқиш бўйича рухсатнома тақдим этганини қўшимча қилди.
Ҳинд ҳукумати коронавирусга антитаначаларни аниқлаш бўйича хитой тестларидан воз кечмоқда. Ҳинд ҳукумати маълумотларига кўра, хитой тестлари улар кутган таъсирчанликни бера олмаган. Хитой ҳиндларнинг ушбу баёнотини рад этди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони 67,1 мингдан ошган, шу жумладан 20,9 минг киши соғайган, 2206 киши вафот этган.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги турдаги COVID-19 коронавируси инфекцияси тарқалишини пандемия, деб эълон қилган эди.