ТОШКЕНТ, 9 май - Sputnik. Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатларини бартараф этиш тадбирлари давом этмоқда. Йўқолган 3 517 паспортдан 482 таси, 61 та ҳайдовчилик гувоҳномадан 11 таси қайта тикланди, деб хабар берди ФВВ.
Хабарда айтилишича, вилоятда тошқин оқибатида зарар кўрган уйлар, ижтимоий бинолар яна қайта тикланмоқда. Яшаш учун яроқсиз уйлар бузилиб, жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу ҳудудларда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур тадбирлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
"71 307 нафар аҳоли Оқолтин, Мирзабод ва Сардоба туманидаги хонадонларига қайтиб келди", - дейилади хабарда.
Шунингдек, Миллий гвардия ходимлари томонидан 343 вайрон бўлган уйларда тозалаш ишлари олиб борилган бўлса, прокуратура вакиллари 6107 та кадастр ҳужжатларидан 3338 таси қайта тиклашга эришган.
Умумий майдони 1 213,796 квадрат метр бўлган 1604 объектда Мудофаа вазирлигининг 8 та махсус бўлинмаси томонидан дезинфекция ишлари олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 1 май куни Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юзага келган эди. 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган ва камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган эди.