Россия ҳарбийларига биринчи С-500 ракета тизимлари тақдим этилади

Россия Қуролли кучлари кейинги йилда илк бор С-500 зенит ракета тизимларини қабул қилиб олишни режалаштирмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Россия Қуролли кучлари кейинги йилда илк бор С-500 зенит ракета тизимларини қабул қилиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко маълум қилди.

Россия ҳарбийларига янги С-350 зенит ракета тизими тақдим этилди

Унинг сўзларига кўра, С-500 сотиб олиш 2021 йилда давлат шартномаси имзоланади. Ҳозирги вақтда полигонда дастлабки синов босқичи амалга оширилмоқда.

С-500 тизими

“Алмаз-Антей” концерни бош констуктори Павел Созинов таъкидлашича, С-500 Ердан юзлаб километр масофадаги нишонни яксон қилиши мумкин.

С-500 “Прометей” янги авлод “Ер-ҳаво” зенит ракета тизимларига киради. С-500 радиуси 600 километрни ташкил қилади. Бу тизим нафақат баллистик, балки аэродинамик нишонлар (самолёт, вертолёт) ва қанотли ракеталарни йўқ қилиши мумкин.

Тизим секундига етти километр тезликда учиб кетадиган ўнтагача баллистик нишонларни, шунингдек, гипер ракеталарнинг жанговар ўқларини аниқлай олади ва яксон қилади.

Хусусиятлари жиҳатидан С-500 С-400 ва унинг америкалик рақобатчиси Patriot Advanced Capability-3 дан сезиларли даражада ошади.