Ўзбекистонда коронавирус: 8 май асосий хабарлари

Республикада коронавирусдан тузалиш бўйича кунлик энг юқори кўрсаткич қайд этилди, тузалганлар сони —1775 нафарга етди, бу умумий беморлар сонидан 76 фоизни ташкил қилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2324 нафарни ташкил қилмоқда.

Вирусолог “корона” инфекциясининг жазирамада тарқалиши хавфини баҳолади

Бугундан бошлаб Ўзбекистонда карантин чекловлари енгиллаштирилди, "қизил", "сариқ", "яшил" даражалар билан чегараланадиган режим жорий қилинди.

Чеклов чоралари ҳудудларидаги эпидемиологик вазиятга қараб қайта кўриб чиқилади.

Тузалиш динамикаси

Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони —1775 нафарга етди.

Бугуннинг ўзида Тошкент шаҳар (31), Сирдарё (8), Наманган (22), Андижон (2), Бухоро (32), Хоразм (1), Самарқанд (17), Сурхондарё (6) вилоятларида жами 119 нафар бемор тузалди. 539 бемор даволанмоқда, 9 нафарининг аҳволи оғир. 42 мингга яқин фуқаро карантинда бўлиб турибди.

Тожикистонга ёрдам

Коронавирус инфекциясига қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида катта тажриба ва малакага эга 8 нафар ўзбекистонлик вирусолог ва эпидемиолог шифокор Тожикистонга учиб кетди.

Шунингдек, Ўзбекистон Душанбега инсонпарварлик ёрдами сифатида 144 дона кўчма тиббий контейнер етказиб берилди.

9 май ҳақида

Ҳудудларда "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратган ҳолда табақалаштирилган карантин чекловларидан қатъи назар, барча ҳудудларда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирларни ўтказиш ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш тақиқланади.

Коронавирус +30 °С иссиқда инфекцион фаоллигини йўқотади - Роспотребнадзор

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини байрам муносабати билан табриклаш ва рағбатлантириш тадбирлари санитария талабларига риоя қилган ҳолда давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Дунё бўйлаб тарқалиши

COVID-19 дунёнинг деярли барча мамлакатларга етиб борди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда 3,6 миллиондан зиёд киши янги коронавирус инфекциясини юқтириб олди, 254 минг киши вафот этди.

АҚШнинг Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони 270 мингдан ошди.