ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун жалб қилинган 15 минг 825 нафар тиббиёт ходимларига 54,9 миллиард сўм (5,4 миллион доллар) мукофот пули тўланди. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Тимур Ишметов маълум қилди.
Президентнинг 19 мартдаги фармонига асосан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар белгиланган.
Қолаверса, президентнинг 26 мартдаги қарори билан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган:
- врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
- кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
- бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.
7 май ҳолатига кўра, ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов олган 14 минг 301 ходимга 22 миллиард 832 миллион сўм тўланган. 1524 нафар ходимларга 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбат сифатида жами 32 млрд 48 млн сўм пул берилган.
Молия вазирлиги матбуот котиби Соғлиқни сақлаш тизими ходимларига мурожаат қилиб, давлат томонидан белгиланган қўшимча тўловлар тўланмаган тақдирда ишонч телефони (71-203-00-50) ёки @murojaat_mf_bot орқали мурожаат қилишни сўраган.