Сирдарёдаги фавқулодда вазият ҳудудида қолиб кетган икки киши қутқарилди

Вертолёт ёрдамида қутқарилганлардан бирининг оёғи жароҳатланган, иккинчисининг эса тана ҳарорати юқори бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Оқолтин туманида фавқулодда вазият ҳудудида қолиб кетган икки фуқаро вертолёт ёрдамида қутқарилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Уларнинг бири 1985 йилда туғилган бўлиб, битта оёғи жароҳатланган. 24 ёшли иккинчи фуқаронинг тана ҳарорати кўтарилган.

Қидирув давомида топилган бу икки фуқаро зудлик билан Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий мобиль тиббий марказига олиб келинган ва уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилган.

Сирдарёдаги фавқулодда вазият ҳудудида қолиб кетган икки киши қутқарилди

Таъкидланишича, улар Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт ёрдамида қутқарилган. Фуқароларни қутқаришда подполковник Раҳимжон Эргашев, капитан Фарҳод Шарипов ва капитан Музаффар Маматов яқиндан ёрдам берган.