Мирзиёев корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир иккита қарорни имзолади

Ўзбекистон президенти карантиндан сўнг корхоналар барқарор ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлашга оид иккита қарорга имзо чекди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Шавкат Мирзиёев корхоналар барқарор ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлашга оид иккита қарорга имзо чекди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Улардан бири -  “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор.

Унга кўра:

  • тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади;
  • 1 апрелга қадар ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди;
  • тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади;
  • соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, президентнинг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинган.

Унга мувофиқ, ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди.

Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.

“Бундай чоралардан мақсад – корхоналар фаолиятини тез тиклаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш учун катта имконият яратиш. Шу сабабли барча даражадаги раҳбарлар доимий равишда ҳар бир туман ва маҳаллада янгича ғоя ҳамда ташаббусларни жорий этиб, оддий халқ ёки камбағалнинг ҳаётини яхшилаш, уларни банд қилиш ва даромадини ошириш масалалари билан устувор даражада шуғулланиши керак”, – деди Мирзиёев.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва банклар билан бирга 1 июнга қадар корхоналарга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва миқдорини аниқлаб, ҳар бир корхона бўйича Инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди.

Жаҳонда озиқ-овқат товарлари нархи ошиб бораётган бир вақтда Ўзбекистон қандай йўл тутади?

Ушбу режада корхоналарга айланма маблағлар учун қўшимча кредитлар бериш,  экспорт мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, томорқа ва иссиқхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини оширишга устувор аҳамият берилади. 

Йиғилишда солиқ тушумларини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.  Жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу борадаги прогноз 102,7 фоизга бажарилган. Бундан буён бюджетга тушумлар сезиларли равишда ортиб бориши қайд этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам яна бир бор эътибор қаратилиб, аҳолини асосий турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари белгиланди.