Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари Сардоба сув омбори масаласини кўриб чиқди

Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мирзиёев Сардоба тўғонида юз берган ҳодисадан сўнг Токаевга қўнғироқ қилди

Давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг коронавирус пандемиясига қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мамлакатларда ушбу хавфли касаллик тарқалишининг, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларга салбий оқибатларини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланди.

Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида қабул қилинган қарорларга мувофиқ соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари раҳбарларининг ташкил этилган кўп томонлама маслаҳатлашувлари натижалари юксак баҳоланди.

“Президентлар Ўзбекистонда Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқдилар”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мулоқот якунида ўзаро товар айирбошлашнинг юқори суръатини сақлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кенгайтириш, устувор инвестиция ва инфратузилма, шу жумладан минтақавий аҳамиятдаги лойиҳаларни илгари суришга қаратилган биргаликдаги ишларни фаол давом эттиришга келишиб олинди. Суҳбат чоғида қатор халқаро масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 1 май куни Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юзага келган эди.  70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган ва камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Сўнгги маълумотларга кўра, фожиада бир Миллий гвардия ходими ҳалок бўлган, иккинчиси эса қидирилмоқда.