Президент энергия самарадорлигини ошириш масаласи юзасидан йиғилиш ўтказди

Жорий йил якунигача 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда синтетик ёқилғи (GTL) заводи ишга туширилади. Бунинг натижасида авиакеросин, дизель ва суюлтирилган газ импорти тўлиқ қисқаради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғида самарадорликни ошириш, энергия сарфини оптималлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Оммабоп қишлоқ хўжалиги техникаси ва юк автомобилларини газга мослашган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йил якунигача 3 та пропан-бутан аралашмаси ҳамда синтетик ёқилғи (GTL) заводи ишга туширилиши қайд этилди. Бунинг натижасида авиакеросин, дизель ва суюлтирилган газ импорти тўлиқ қисқаради.

Ўзбекистон электр энергия ишлаб чиқаришни кўпайтиришни режалаштирмоқда

Президент кўп қаватли уйларни лойиҳалаш ва қуришда энергия тежовчи технологияларни кенг қўллаш, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Саноатдаги энергия сарфи ҳам таҳлил қилинар экан, ҳар бир соҳа ва тармоқ кесимида ушбу ресурсни тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро энергоаудит ташкилотларини жалб қилиб, 285 та йирик саноат корхонасининг энергия самарадорлигини ўрганиш, уч сменада иш ташкил этган тадбиркорларга кечки смена учун электр тарифини 1,5 баравар камайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, жаҳон тажрибаси асосида истеъмолчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди. Соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш, вилоятларда қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари қуришга доир масалалар кўриб чиқилди.

Электр энергияси ҳамда табиий газ сарфини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенг жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Карантин сабабли ёқилғи-энергетика корхоналарида маблағ танқислиги вужудга келишини инобатга олиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, айланма маблағларини кўпайтириш чора-тадбирлари белгиланди.