ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков карантиндан сўнг Ўзбекистон хорижликларнинг мамлакатга кириш тартибини ўзгартиришини истисно қилмади.
Унинг сўзларига кўра, карантин тугагандан кейин ижтимоий-иқтисодий муносабатлар яна изига тушиб кетади. Мамлакатда автомобил, поезд ва самолётлар орқали ҳалқаро қатновлар, борди-келдилар бошлаб юборилади.
“Албатта, халқаро тажрибалар ҳам ўрганиб чиқилади. Балким дастлабки даврда фақат коронавирус йўқлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлсагина, виза бериш тизими жорий қилинар. Буни эса вақт ва эпидемик вазият кўрсатади”, - деди у АОКАдаги брифингда.
Шунингдек, агар шу тизим жорий қилингудек бўлса ҳам, хорижлик фуқаронинг виза олган даври билан мамлакатга келган даври коронавирус касаллигининг яширин даври (14 кун) билан бир-бирига мутаносиб бўлиши кераклигини таъкидлади. Ҳар қандай тартибни амалиётга киритиш учун жуда жиддий ўйлаш ва ўрганишга тўғри келади.