ИИВ фуқароларни сохта хайрия йиғимларидан огоҳ бўлишга чақирди

ИИВ аввало хайрия маблағлари йиғилаётганлиги ҳақидаги ҳар бир хабарни текшириб кўриб, уларнинг расмий эканлигига ишонч ҳосил қилишни тавсия қилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ички ишлар вазирлиги фуқароларни сохта хайрия йиғимларидан огоҳ бўлишга чақирди.

Маълум қилинишича, айни вақтда мамлакатда коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш мақсадида бошқалар кўмагига муҳтож оилаларга ёрдам бериш, Бухоро, Самарқанд, Жиззах вилоятида содир бўлган табиий офатлар, Сирдарё вилоятида кузатилган оғир оқибатли сув тошқини сабаб ҳукумат, ҳокимликлар, вазирликлар ва бошқа давлат идоралари томонидан кўплаб хайрли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия тадбирига старт берилди

“Афсуски мана шундай мураккаб вазиятда ҳам ўзининг шахсий манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётган, саховатпеша юртдошларимизнинг хайрия маблағларига фирибгарлик йўли билан эга чиқишга уриниш  ва айрим ҳолларда ёрдам бериш истагидаги юртдошларимиз томонидан уларнинг алдовларига ишониб қолиши ҳолатлари кузатилиши мумкин”, - дейилган хабарда.

ИИВ аввало хайрия маблағлари йиғилаётганлиги ҳақидаги ҳар бир хабарни текшириб кўриб, уларнинг расмий эканлигига ишонч ҳосил қилишни тавсия қилган.

Фуқаролардан ижтимоий тармоқда ёки атрофида шу каби фирибгарлик ҳолатларига гувоҳ бўлса зудлик билан ички ишлар органларига хабар бериш сўралган.