ТОШКЕНТ, 4 май - Sputnik. Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Голландиянинг Амерсфорт концлагерида қатл этилган ўзбекистонликларга бағишланган "101" фильмининг намойиш этилишини эълон қилди.
Тез орада мамлакатнинг барча экранларида уруш, яхшилик билан ёмонликнинг абадий қарама-қаршилиги, бир кечада авлиёга айланган оддий ўзбек аскарларининг фожиалари ва жасоратлари ҳақида таъсирли ҳикоя намойиш этилади, - дейилади элчихонанинг телеграм-каналида. – Ушбу май кунлари томошабинларга Гитлернинг айёр режаларини бузган қаҳрамонларнинг воқеликларига киришишига ноёб кинотасвирлаш, актёрлар моҳир ўйини ва режиссёр Ҳамидулла Ҳасановнинг режжисёрлик ғояси ёрдам беради".
Фильм Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаяларнинг романи асосида суратга олинган. Шунингдек, у режиссёрнинг ўз тадқиқотлари ва фикрлари, нидерландиялик журналист ва тадқиқотчи Ремко Рейдинг ва Бенилюкс мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихонаси ёрдамида олинган маълумотларга асосланган.
101 аскар хотирасини абадийлаштириш лойиҳасини амалга оширишнинг бошланғич нуқтаси президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йўналишдаги бир қатор тадбирларни белгилаб берган фармони бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Амерсфортда ўзбек аскарлари отиб ташланганига 75 йил бўлди.
Улар ушбу концлагерга Смоленск яқинида қўлга олингандан кейин олиб келинган. Аскарлар Учинчи Рейхнинг бош тарғиботчиси Йозеф Геббелснинг шахсий буйруғига биноан нацистлар "ёввойи халқлар" билан қандай курашаётгани ҳақида фильм суратга олиши учун тайёрланаётган эди. Бундан ташқари, Адольф Гитлернинг Совет Иттифоқини тез фурсатда забт этиш режаси амалга ошмай қолганидан сўнг, фильм душманнинг ночорлигини кўрсатиши орқали немис аскарларининг тушкун руҳини кўтаришга мўлжалланган бўлган.
Фашистлар 101 аскарни танлаб, уларга овқат бермай қўйишди. Немис тасвирчилар гуруҳи таклиф қилинганида, очликдан толиққан ҳарбий асирлар олдидаги нонга ташланиб бир-бирлари билан уришади деган умидда олдига нон ташлашди. Бироқ, бутунлай акси содир бўлди.
Ўзбеклар нонни шарқона тарзда бўлиб, занжир бўйлаб майда бўлакларни бир-бирларига узатишни бошладилар. Немислар бундан ғазабга келди. Асирлар шафқатсиз калтакланиб, кейинчалик отиб ташланган.