Ўзбекистондаги ОТМларда битирув имтиҳонлари онлайн ўтказилади

Хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртларида битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

“Энди жорий ўқув йилини сифатли якунлаш вазифаси турибди. Хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртларида битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш режалаштирилмоқда”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда мазкур жараёнларни сифатли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Таълим муассасаларига ҳужжатлар қабулини такомиллаштириб, масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги янги тартиб ва афзалликлар ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади.

Маълумки, 2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди. Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади. Қолган қисқа вақтдан унумли фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида, жорий йилда имтиҳонларни соддароқ шаклда ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.