Ўзбекистонда 84 ёшли онахон ва 2 ёшли бола коронавирусдан шифо топди

Бугун Ўзбекистонда 37 киши коронавирусни енгди. Мамлакат бўйлаб бутунлай соғайганлар 1133 нафарга етди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистонда 37 бемор коронавирусдан фориғ бўлди. Андижонда тузалган беморлар орасида 84 ёшли онахон ва 2 ёшли бола ҳам бор. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Кун давомида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 6 нафар, шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасидан 1 нафар  бемор, жами 7 нафар бемор бутунлай  соғайди.

Ўзбекистонда 72 ёшли бемор ва уч чақалоқ COVID-19ни енгишга муваффақ бўлди

Шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасида тузалган 29 ёшли ҳомиладор аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, жорий йил 26 март куни Туркиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур туғруқ мажмуасига ётқизилган. Сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди, ҳомиласи эса ривожланиш босқичида.

Шунингдек, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 5 нафар, Андижон вилоятида 18 нафар, пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 5 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 2 нафар бемор коронавирусдан бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Андижонда тузалганлар орасида 84 ёшли онахон ва 2 ёшли бола ҳам бор. Самарали даволаш муолажаларидан кейин сўнгги текширув натижалари уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Шундай қилиб, бугун 37 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1133 нафарни ташкил этмоқда. Касалланишнинг умумий сони 2017 та.