Ўзбекистонда 72 ёшли бемор ва уч чақалоқ COVID-19ни енгишга муваффақ бўлди

Ўзбекистонда бир кунда 66 нафар бемор коронавирусдан тузалиб кетди. Айни пайтда касалхоналарда 973 киши даволанмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Ўзбекистонда бир кунда 66 нафар бемор коронавирусдан тузалиб кетди. Улар орасида 72 ёшли фуқаро ва уч нафар чақалоқ ҳам бор. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Дастлаб Фарғона вилоятида 7 нафар, Қашқадарё вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалиб кетди.

Фарғонада соғайганларнинг 5 нафари Туркиядан келган. Қолган 2 нафари эса бемор билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Энг каттаси 48 ёшда, энг кичиги 2020 йил туғилган.

Бугун Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 9 нафар бемор тўлиқ соғайди. Шифо топганларнинг барчаси жорий йил 25 март куни Россиядан  чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёш.

Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони 1920 нафардан ошди

Пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 21 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 4 нафар, жами 25 бемор буткул соғайди.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг бири 72 ёшда бўлган. У 30 март куни жуда оғир аҳволда мазкур  клиникага олиб келинган. Узоқ вақт сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор шифокорларнинг самарали даволаш муолажаларидан кейин инфекциядан тўлиқ тузалган бўлса-да, бошқа ҳамроҳ касаллиги борлиги сабабли ихтисослашган шифохонага реабилитация учун ўтказилди.

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида ҳам бир йўла 24 нафар бемор буткул соғайди. Улар орасида 11 ойлик ва 1 ёшли чақалоқлар ҳам бор.

Шу тариқа, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 958 нафарга етди. Касалланганларнинг умумий сони 1939 кишини ташкил этади. 8 киши вафот этган.