Ўзбекистонда уй шароитида карантинда сақлаш тартиби белгиланди

Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида уйларни тарк этишлари қатъиян ман этилади. Улар ҳар куни 2 маҳал кўрикдан ўтказилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ҳукумат қарори билан Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Карантин қандай пайдо бўлган ва неча кун давом этиши керак?

Низомга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда санитария-эпидимиологик осойишталик марказлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати шакллантирилади.

Ички ишлар органлари Миллий гвардия органлари билан ҳамкорликда дарҳол мулоқотда бўлган шахсларнинг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштирилиши ва сақланишини таъминлайди.

Мулоқотда бўлган шахслар 14 кун давомида ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уй шароитида карантинга олинади.

Мулоқотда бўлган шахс уй шароитида карантинга олинганда у билан бир уйда яшовчи барча шахслар карантинга олинади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида уйларни тарк этишлари қатъиян ман этилади, уларга кечиктириб бўлмайдигар тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Уй шароитида карантинга олинган шахс билан бир уйда бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.

Энди 10 йилгача: карантин қоидасини бузганлик учун жазо кучайтирилди

Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантин муддати давомида тиббиёт ходимлари томонидан ҳар куни 2 маҳал кўрикдан ўтказилади. Бунда биринчи кўрик соат 9:00 гача, иккинчи кўрик 16:00 гача амалга оширилиши лозим.  

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳафтада бир маротаба карантинга олинган уйнинг (хонадоннинг) теварак-атрофида дезинфекция тадбирлари ўтказилиши таъминланади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларда карантин муддатида коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни уй карантинидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.