ТОШКЕНТ, 27 апр - Sputnik. Пекинда мактаблар яна очилди, болалар мактабга қатнай бошлади. Хитой пойтахтида мактаблар, биринчи навбатда, катта синф ўқувчилари учун очилди, чунки улар олийгоҳларга киришга тайёрланиши керак, деб хабар қилмоқда Russia Today.
Дарслар соат 09:30 дан 15:00 га қадар давом этади. Ўқувчиларга олдингидек кечгача мактабда қолишга рухсат берилмайди. Дарсдан сўнг барча уйига кетиши керак.
Шунингдек шахсий эҳтиёт чоралари ҳам кўрилган: барча ўқувчилар ҳимоя ниқоби тақиб юриши керак. Синфларда 15 кишидан ортиқ ўқувчи бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир ўқувчининг партаси бошқалардан 1 метр масофага ўрнатилган.Шунингдек мактабларга киришда ўқувчилар тана ҳарорати ўлчаб киритилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, айни дамда Хитойда коронавирусга чалинганлар сони 83 912 кишини ташкил қилмоқда. Соғайиб кетганлар 78 290 кишини, вафот этганлар 4637 кишини ташкил қилди.