ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Сингапур технологиялар ва дизайн университети (SUTD) тадқиқотчилари Собиқ иттифоқ давлатлари ҳудудида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳаммадан олдин Ўзбекистонда – 2020 йил 24 майга келиб якунланишини тахмин қилишди. Бу ҳақда РИА Новости SUTD инновациялар лабораторияси томонидан эълон қилинган ҳисоботга таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Молдовада 6, 14, 18 ва 25 июнда, Украинада эса 28 июлда COVID-19 тарқалиши якунланади.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, Беларусь ва Арманистонда коронавирус тарқалиши 14 ва 20 августга келиб ўз ниҳоясига етади. Тахминга кўра, Қозоғистонда эса эпидемия фақат 27 сентябрга келиб ортда қолади.
Тожикистон ва Туркманистон тадқиқотчилар рўйхатига киритилмаган. Расмий маълумотларга кўра, ушбу давлатларда COVID-19 билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.
Тадқиқотчилар коронавирусга оид маълумотларни 131 та мамлакат бўйича ўрганишган. Тахминни тузиш учун, хусусан, SIR-модель – инфекция тарқалишининг математика моделидан фойдаланилган. Моделда вирус юқтириб олганлар, тузалганлар, касалликка мойиллик суръати баён қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1887 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Шулардан 880 нафари тузалиб кетган. Фақат 8 киши вирус қурбонига айланган.