Ухань касалхоналарида бирорта ҳам COVID-19 бемори қолмади

Коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳридаги касалхоналарда бирорта ҳам коронавирус билан касалланган бемор қолмади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Янги турдаги коронавирус инфекцияси ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухань шаҳридаги касалхоналарда бирорта ҳам коронавирус билан касалланган бемор қолмади. Бу ҳақда Хитой соғлиқни сақлаш масалалари бўйича Давлат қўмитаси вакили Ми Фэн маълум қилди.

Хитой ҳукумати Ухань шаҳридан чиқиш йўлини очди

“Уханлик шифокорлар ва уларга бутун мамлакат бўйлаб ёрдам бераётган тиббиёт ходимларининг умумий саъй-ҳаракатлари сабабли 26 апрель ҳолатига кўра Ухань касалхоналаридаги коронавирус инфекциясига мубтало бўлган беморлар сони нолга тенг”, - дея Ми Фэн сўзларидан келтиради РИА Новости.

Уханда жами 50 333 киши коронавирус билан касалланган эди. Шулардан 3869 нафари вафот этган.

2019 йил 31 декабр куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисмидаги Ухань шаҳрида (Хубэй провинцияси) келиб чиқиши номаълум пневмония касаллиги авж олгани ҳақида хабар берди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчиси янги коронавирус эканлигини аниқладилар, кейинчалик касаллик расмий равишда COVID-19 деб номланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 185 давлатида коронавирус билан боғлиқ 2,8 миллиондан зиёд ҳолат этилган. Шулардан 817 мингдан зиёд киши тузалиб кетган. 203 мингга яқин киши эса вирус қурбонига айланган.

Беморлар сони бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. У ерда 940 мингга яқин киши коронавирусга гирифтор бўлган. Кейинги ўринларда Испания (223 759), Италия (195 351), Франция (161 644), Германия (156 513) беморлар сони кўплиги билан қайд этилган.