Давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдорга жавобгарлик белгиланиши мумкин

Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг давлат тили соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган - адлия вазирлиги
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 апр - Sputnik. Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Реклама ўзбек тилида бўлиши керак - бош вазир

Лойиҳада давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Яъни ушбу моддага: "Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади" деган тўлдириш киритилмоқда.

Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатларнинг давлат тили соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилди.

Қонун қабул қилиниши натижасида давлат органлари, корхоналари ва ташкилотларида иш юритишнинг тўлиқ равишда давлат тилида амалга оширилишига, ушбу соҳада мансабдор шахсларнинг масъулияти ошишига ва ўз ўрнида, давлат тилининг ривожланиши ҳамда унга бўлган эътиборнинг ортишига олиб келади.

Қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилди.