Фарғона ва Қашқадарё вилоятининг айрим туманида карантин босқичма-босқич юмшатилади

ССВ ва ушбу вилоятлар ҳокимларига касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Фарғонада 120 нафар, Қашқадарёда 6 нафар фуқаро коронавирус билан касалланган.

Карантин даврида Фарғонада 10 минг, Қашқадарёда 11 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари кескин камайган. Бунинг оқибатида айни пайтда ишсизлар сони ошган. Ундан ташқари, Фарғонада 56 мингта, Қашқадарёда 91 мингта эҳтиёжманд оила мавжуд.

“Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ушбу вилоятлар ҳокимларига касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш топшириғи берилди”, - дейилган хабарда.

Жорий йилда қурилиш ва реконструкция ишлари учун Фарғонадаги 130 та объектга 632 миллиард сўм, Қашқадарёдаги 132 та объектга 536 миллиард сўм ажратилган. Лекин биринчи чоракда маблағларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш режадагидан анча ортда қолган.  

Президент аҳоли бандлигини таъминлаш учун қурилишларни давом эттиришга рухсат берилганини инобатга олиб, мазкур икки вилоятдаги объектларда белгиланган ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.