ТОШКЕНТ, 23 апр — Sputnik. Кўплаб мамлакатларда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати пасая бошлагани билан дунёдаги коронавирус пандемияси ҳали тугаш нуқтасидан йироқ. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Женевада ўтказилган брифинг давомида худди шундай баёнот билан чиқди.
"Биз турли минтақаларда турфа трендларни кўряпмиз. Ғарбий Европадаги инфекция авж олиши ҳолатларининг аксарияти стабиллашди ва энди пасаймоқда. Гарчи рақамлар кичик бўлса-да, биз Африка, Марказий ва Жанубий Америка, шунингдек, Шарқий Европада биз у ерда ҳавотирга лойиқ трендларни кўряпмиз. Кўплаб мамлакатлар ҳозирда эпидемиянинг бошланғич босқичида, вирусга олдинроқ дуч келганларда ҳолатларнинг такрорланиши кузатилмоқда. Хатога йўл қўйманг, биз босиб ўтадиган йўл давомли. Бу вирус биз билан ҳали узоқ вақт бўлади", - дея баёнот қилди БССТ бош директори.
Гебрейесус сўзларига кўра, вирус ҳали ҳам хатарли ва унга бутун дунёдаги аҳолининг чалиниши хавфи мавжуд.
БССТ раҳбари касалликнинг янги эпидемияси исталган вақтда қайтадан бошланиши мумкинлигини таъкидлади.
Жон Хопкинс университети тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, янги турдаги COVID-19 коронавируси билан бутун дунёда 2,6 миллион одам беморланган, 183,5 минг киши инфекция қурбонига айланган.