Visa Ўзбекистон банкларига муддати ўтган карталарга хизмат кўрсатишни таклиф қилди

Ушбу қадам карталарни қайта чиқариш ва етказиб беришда, ҳамда Visa билан тўловларни давом эттиришда банкларга юкни камайтиради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Visa халқаро тўлов тизими Ўзбекистондаги банкларга коронавирус пандемияси даврида муддати ўтган карталарга хизмат кўрсатишни давом эттиришни таклиф қилди.

HUMO банкоматлари Visa карталарини қабул қилишни бошлади

"Биз ушбу вазиятда Ўзбекистондаги банклар ўз мижозларига карталарни ўз вақтида қайта чиқариш ва етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини тушунамиз. Ҳамкор банкларимизга муддати ўтган Visa карталари амалиётларини авторизация қилиш тартиби тўғрисида эслатиб ўтамиз. Бунинг учун банкларга ўз тарафларида созламаларни ўзгартиришларини маслаҳат берамиз", - деди Алия Чинибаева, Visa Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери. 

Ушбу қадам банкларга карталарни қайта чиқариш ва етказиб бериш билан боғлиқ юкни камайтиради ва истеъмолчиларга Visa билан тўлашни давом эттириш имконини беради, дейилади баёнотда.

Муддати ўтган карта эгалари операцияларни амалга ошириш имкониятини текшириш учун картани чиқарган банк билан боғланишлари керак.

Аввалроқ, Visa ПИН-кодни киритиш орқали карта эгаси тасдиқланишини талаб қилмайдиган, контактсиз транзакциялар учун чегара ошиши ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон учун бу лимит энди 500 минг сўмни ташкил этади.