Мишустин инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистон бош вазирига миннатдорлик билдирди

Россия бош вазири Михаил Мишустин коронавирусга қарши курашиш учун Россия Федерациясига ҳимоя ниқоблари ва бошқа зарур материаллар етказиб берилгани учун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга миннатдорлик билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Россия бош вазири Михаил Мишустин коронавирусга қарши курашиш учун Россия Федерациясига ҳимоя ниқоблари ва бошқа зарур материаллар етказиб берилгани учун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар қилди.

Бирдамлик рамзи: Ўзбекистон Россияга 5 миллион дона тиббий ниқоб юборди

“Мишустин инсонпарварлик ёрдами Россия-Ўзбекистон муносабатларининг шерикчилик характерини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматига янги коронавирус инфекциясига қарши курашда зарур бўлган ҳимоя ниқоблари ва бошқа материаллар тақдим этилгани учун миннатдорлик билдирди”, - дейилган хабарда.

Арипов ўз навбатида Россиядан Ўзбекистонга тезкорлик билан коронавирусни аниқлаш тест- тизимлари юборгани, шунингдек, россиялик эпидемиологларнинг видеоалоқа орқали мунтазам маслаҳатлари учун миннатдорлик билдирди.

Таъкидланишича, ҳукумат раҳбарлари Россия-Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги ва Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий интеграциясига боғлиқ масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар.

Шанба куни Ўзбекистондан самолёт тиббий ниқоб ва докаларни Россияга етказди.