Пойтахтда “химчисткалар“ фаолияти қайта тикланди

Коронавирус пандемияси кўплаб соҳа ва тармоқлар фаолиятининг тўхташига сабаб бўлган эди. Тошкентда кимёвий тозалаш муассасалари фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрида кимёвий тозалаш муассасалари фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкентда ноозиқ-овқат дўконлари фаолияти тўхтатилади

“Тошкент шаҳар аҳолиси талаб ва эҳтиёжи ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш хулосаларидан келиб чиқиб, пойтахтимиздаги кимёвий тозалаш муассасалари фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди”, - дейилган хабарда.

Таъкидланишича, кимёвий тозалаш муассасалари карантин талаблари ва ишни қайта тиклаш бўйича махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга тўлиқ амал қилиши талаб этилади. Шунингдек, иш бошлашдан аввал муассаса ҳамда хизматга жалб қилинган ходимлар СЭОМ текширувидан ўтиши шарт.

Шунингдек, аҳоли зарур бўлмаганда кўчага чиқмаслиги лозимлиги талабидан келиб чиқиб, бундай турдаги ташкилотларга буюртмаларни олиб кетиш ҳамда етказиб беришни ташкил қилиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги йирик объектларда қурилишлар қайта тикланиши хабар қилинган эди.