Муддати тугаган ҳужжатлар 1 июлгача узайтирилади

Лицензия, рухсатномалар, фуқаролик паспорти, чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда яшашига рухсатномасининг амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Ўзбекистонда муддати тугаган ҳужжатлар амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Бу ҳақда АОКА штабида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Республика махсус комиссияси қарори билан автотранспорт воситалари эгаларига қулайлик яратиш ҳамда муддати тугаган ҳужжатлар учун енгиллик бериш мақсадида:

  • барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар);
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшашига рухсатнома);
  • автотранспорт воситаларини бошқариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар  (суғурта полиси, ишончнома, техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади.

Қайд этилишича, уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари қўлланилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда карантин режими 10 майгача узайтирилгани хабар қилинган эди.