Ўзбекистон ва Қирғизистон савдодаги тўсиқларни бартараф этишга келишди

Видеоконференция давомида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашиш, глобал инқироз ҳодисаларининг иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 апр - Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан видеоконференция орқали мулоқот қилди.

ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилади

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзаро келишувларни амалга оширилишининг жорий ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги мавжуд салоҳиятлардан тўлиқ фойдаланиш борасида истиқболли чораларни муҳокама қилдилар.

Бу йўналишда Ўзбекистон ва Қирғизистонда ишлаб чиқилаётган маҳсулотларнинг ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали товар айланмасини ошириш, қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги техникалари, тўқимачилик маҳсулотлари ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида саноат кооперациясини кенгайтириб, маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига сотиш бўйича асосли таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ бўлган масалалар, шу жумладан, тадбирнинг кун тартибини инвестиция ва савдо ҳамкорлик соҳасидаги аниқ таклифлар билан тўлдирилиши муҳокама қилинди.

Видеоконференция давомида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашиш, икки мамлакат фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва глобал инқироз ҳодисаларининг иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорлик механизмлари алоҳида муҳокама қилинди.

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқларни ривожлантириш учун қарз беради

Видеоконференция якунида ташқи иқтисодий идоралар раҳбарлари даражасида доимий икки томонлама ўзаро муносабатлар механизмини яратиш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу механизм ёрдамида томонлар савдодаги тўсиқларини бартараф этиш бўйича эксперт хулосаларини ишлаб чиқишни ҳамда товар айланмасини янада ўсишини таъминлаш чораларини ишлаб чиқишни давом эттирадилар.

Шунингдек, томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий масалаларини видеоконференцалоқанинг мунтазам сессиялари форматида тезкорлик билан ҳал қилишга келишиб олдилар.

Мазкур механизмни транспорт вазирликлари раҳбарлари даражасида жорий қилиниши транспорт-логистика соҳасидаги масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилади.