ТОШКЕНТ, 17 апр - Sputnik. Президент халқ қабулхоналари пандемия даврида онлайн-режимда фаолият юритмоқда, деб хабар қилмоқда "Халқ билан мулоқот" гуруҳи.
Хусусан, карантин режими эълон қилинган айни кунларда Фарғона вилояти Халқ кабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар ҳам эндиликда онлайн тартибда қабул қилинмоқда, ҳар бир мурожаат ўта қисқа фурсатларда ўрганилмоқда.
Ўтган бир ҳафта давомида Бағдод туманида 700 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий кўмак пакетлари – озиқ-овкат маҳсулотлари тўплами марказлашган ҳолда етказиб берилган. Ҳозирда эса яна 1300 та оилага шундай кўмак маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Тумандаги ҳомийлар томонидан етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария ва гигиена меъёрларига тўлиқ амал қилинган ҳолатда саранжомланиб, маҳаллалар кесимида шакллантирилган рўйхатлар асосида кўмак кутаётган инсонларга етказилмоқда.
Фурқат туманида президент Халқ қабулхонаси томонидан деҳқон бозорларидаги нарх-наволар мўътадиллигини сақлаш, айниқса, нархларнинг сунъий ўсиб кетишидек нохуш ҳолларга йўл қўймаслик масаласига эътибор кучайтирилган. Бундан ташқари, деҳқон бозорларига етказувчи йўллар карантин талабларига кўра дезинфекцияланмокда, бозорларга киришда санитар-шифокорлар фаолияти ташкил этилди, бозор ҳудудлари мунтазам зарарсизлантирилмокда.
Шундай синовли кунларда президент халқ қабулхонаси фарғоналикларни бирдамликда ва ҳамжихатликда иш тутиб, ён-атрофдагиларни кўллаб-қувватлаш, авваламбор, инсоний меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга эртаю кеч хизмат қилмоқда.