Хитой ҳукумати COVID-19 Ухандаги лабораторияда яратилганини инкор қилди

Хитой ТИВи Fox Newsда эълон қилинган хабар илмий нуқтаи назардан тасдиқланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайди деб таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 апр - Sputnik. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Fox News телеканалида эълон қилинган, коронавирус билан биринчи бўлиб касалланган пациент Ухан Вирусология институти ходими бўлганини рад этди. РИА Новости хабарига асосан.

Хитой ТИВ вакили Чжао Лицзянь бундай фикр илмий нуқтаи назардан тасдиқланмаган ва ҳақиқатга тўғри келмайди, деб таъкидлади.

“Мен барчанинг диққатини шунга қаратмоқчиманки, ушбу вирус сунъий йўл билан лабораторияда яратилгани ҳақида ҳеч қандай далил исбот йўқлигини ЖССТ бир неча бор таъкидлаган эди. Дунёдаги барча таниқли мутахассислар ҳам шундай фикрда”, - деди ТИВ вакили Чжао Лицзянь.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида коронавирус инфекцияси кескин тарқалиши бошланган эди. Бунинг оқибатида ушбу эпидемия бутун дунёга тарқалди. Март ойининг бошида ЖССТ умумжаҳон пандемиясини эълон қилди. Айни дамда дунёда касаллик юққанлар сони 2 миллион кишидан ошди.