Ўзбекистонда нега коронавирусга оммавий тест ўтказилмаяпти – мутахассис жавоби

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи коронавирусга оммавий тест ўтказиш билан боғлиқ саволга жавоб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусга оммавий тест ўтказиш билан боғлиқ саволга жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу касаллик бўйича аҳолини ёппасига тестдан ўтказиш бирор бир давлат амалиётида қўлланилмаяпти.

“Тасаввур қилинг, 34 миллион одамни бирданига бир кунда текшириш учун (битта ПЦР аппарати бир кунда 400 таҳлил ўтказиши мумкин) 85 мингта ПЦР аппарати (агар икки кунда — 40 мингта, 3 кунда — 23 минг, 10 кунда — 8,5 минг) керак бўлади, унга эса шунча шифокор-вирусолог лозим бўлади”, - деди у АОКАдаги брифингда.

Отабеков маълумотларига кўра, Ўзбекистонда эса барча шифокорларнинг умумий сони — 75 мингга етмайди. Бунинг устига ҳозиргача тестдан ўтган 100 минг аҳоли ва ҳар куни тест синовидан ўтказилаётган 8-9 минг аҳоли давлат маблағлари хисобидан тестдан ўтказилаяпти. ПЦР лабораториялар ҳам Ўзбекистонда 40 дан ортиқроқ, у ердаги ПЦР аппаратлари эса энг кўпи билан 200 та бўлиши мумкин.

Нурмат Отабеков ҳозир Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ва яратилган тизимни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олаётгани ва энг самарали усул деб эътироф этаётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 1054 кишида COVID-19 аниқланган. Шулардан 89 нафари тўлиқ тузалиб кетди. 4 киши эса вафот этди.