ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга фуқароларни юбориш тадбирлари кечиктирилган бўлса-да, саралашдан ўтган чақирилувчилар кўнгилли равишда дизенфекция ишларида қатнашмоқда.
Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Марказий ҳарбий округига қарашли Самарқанд, Навоий ҳамда Жиззах гарнизонида жами 1657 нафар бўлажак аскар вилоятларнинг мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлари масъуллари ҳамда санитария-эпидемиология назорат марказлари билан ҳамкорликдаги тактик-махсус ўқув машғулотларида иштирок этмоқда.
Шунингдек, ҳарбий округ кесимидаги куч тузилмаларининг 30 га яқин махсус техникалари йўллар, кўпқаватли бинолар атрофи, кўчаларда тозалаш тадбирларига жалб қилинган.
Ҳар бир туманда ёшлардан иборат 4-5 та, вилоятларда эса 40 га яқин отрядлар тузилиб, бозорлар, маиший савдо дўконлари ҳамда аҳоли яшаш манзилларига юборилмоқда.
Бундан ташқари ҳарбий техникаларга ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали фуқаролардан заруратсиз кўчага чиқмаслик сўралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус туфайли Ўзбекистонда армияга чақирув вақтинча қолдирилган эди.