ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Тожикистонда вақтинча бўлиб турган хорижий мамлакатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг виза ва рўйхатда туриш муддатлари COVID-19 туфайли узайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, ҳужжатлар муддати эпидемиологик вазият барқарорлашганича узайтирилади.
“Тожикистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари виза муддатини узайтириш учун Тожикистон ТИВнинг Бош консуллик бошқармаси ва Суғд вилоятидаги Ваколатхонасига, рўйхатда туриш муддатини узайтириш учун эса Тожикистон ИИВнинг Паспорт- рўйхатга олиш хизматига мурожаат қилишлари мумкин”, - дейилган хабарда.
Тожикистон 10 апрелдан мамлакат ҳудудига коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида ўз чегараларини тўлиқ ёпган эди.