Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон оламдан ўтди

Адиб 1997 йилда "Шуҳрат" медали, 2011 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланган...
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 апр - Sputnik. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 73 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати хабар берди.

"Бугун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон оламдан ўтди. Уюшма жамоаси, аъзолари унинг оиласи, яқинлари ва адабиёт мухлисларига ҳамдардлик билдиради. Марҳумни Аллоҳ раҳматига олсин", - дейилади билдиришда.

Оғир жудолик: Ўзбекистон таниқли адибидан жудо бўлди

Ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, ҳажвий адабиёт анъаналарини муваффақият билан ривожлантириб келаётган истеъдодли адиб Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

"Она ер", "Аканг қарағай Гулмат", "Масхарабоз бола", "Ерликлар", "Мешполвоннинг жанглари", "Аламазон ва Гулмат ҳангомаси", "Ажойибхона", "Олтиариқ ҳангомалари", "Одобли бўлиш осонми?", "Танланган шеърлар", "Ўғирланган паҳлавон", "Баҳромнинг ҳикояси" каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифидир.

Унинг "Қўнғироқли ёлғончи", "Топсанг ҳай-ҳай", "Қоринботир", "Тўтиқул" каби асарлари мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилган. Адиб 1997 йилда "Шуҳрат" медали, 2011 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланган...