ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. COVID-19 – оддий гриппга ўхшаган мавсумий касалликка айланади, деб ишонч билдирди Россиянинг вирусларни ўрганиш бўйича энг нуфузли лабораторияси “Вектор” вирусология ва биотехнологиялар маркази директори Ринат Максютов.
Максютов айтишига қараганда, коронавирусни енгиш учун инсониятнинг аксариятида (Ер шари аҳолисининг 50-60 %) унга қарши иммунитет вужудга келиши керак. Ўшанда COVID-19 ҳал йили бўладиган мавсумий грипп эпидемиясига ўхшаш кечади.
Коронавирусга қарши иммунитет пайдо бўлиши учун одам ушбу касаллик билан касалланиб уни енгиши ёки ушбу вирусга қарши эмланиши керак, лекин вакцина тайёр бўлишига ҳали эрта. Янги вакцина 2020 йил давомида ишлаб чиқарилган тақдирда ҳам, дастлаб уни ҳайвонларда синовдан ўтказиш керак, кейин ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак, дейди Максютов.
Касалликни ўз кучи билан енгган кишилар қонида 2 ҳафта ичида ушбу вирусга қарши курашувчи антителалар пайдо бўлади ва бир неча ой ёки йиллар давомида одам организмида сақланиб қолади. Россияда ушбу антителаларни аниқловчи тестлар ишлаб чиқариш бошланган. Душанба куни 20 мингдан иборат биринчи партия турли ҳудудларга юборилади, дейди “Вектор” маркази директори.
Эслатиб ўтамиз, “Вектор” маркази томонидан бугунги кунда коронавирусни 2 соат ичида аниқлайдиган тест-системалар ишлаб чиқарилган. Шунингдек коронавирусга қарши вакциналар синовининг биринчи босқичи 22 июнда тугатилиши эълон қилинган.