Автотранспортга махсус рухсатномалар бериш тўхтатилди

Бугундан автотранспорт воситаларига махсус рухсатномалар бериш тўхтатилди, улар шу кунга қадар берилган стикерландан фойдаланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 апр - Sputnik. Давлат хизматлари агентлиги томонидан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома - стикерлар бериш тўхтатилди, деб хабар қилмоқда Агентлик матбуот хизмати.

Хабарда айтилишига кўра, ушбу чора Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. 

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди. Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди,- дейилган хабарда.

Хабарда шунингдек, автотранспорт ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлари рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилиниши ҳам айтиб ўтилган. Шу вақтга қадар кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.