Ўзбекистон ТИВ Россиядаги фуқаролар учун патент тўловини кечиктиришни сўради

Россияда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида 30 апрелгача барча ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилди. Натижада Россиядаги фуқаролар вақтинча ишсиз қолмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига мамлакат фуқаролари учун меҳнат патенти тўловини кечиктиришни сўраб расмий нота юборди. Бу ҳақда Sputnik нашрига ТИВ ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ходжиметов маълум қилди.

“Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктиришни сўраб расмий нота юборди”, - деди Ходжиметов.

"Самоизоляция қурбонлари": коронавирус туфайли мигрантлар қанча пул йўқотади?

Унинг сўзларига кўра, Россияда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида 30 апрелгача барча ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилди. Натижада Россиядаги фуқаролар вақтинча ишсиз қолмоқда.  Бу ҳолат ўз навбатида уларнинг даромадларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

“Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органдлари томонидан кўриб чиқилмоқда”, - деб қўшимча қилди у.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 29 февралга кўра Россияда амал қилаётган патентлар сони 1,6 миллионтани ташкил қилади. Энг кўп Москвада патент берилган (420,4 мингта).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия мигрантлар федерацияси карантин чоралар даврида меҳнат патент тўловларини бекор қилиш тўғрисида ҳукуматга мурожаат йўллаган эди.