ТОШКЕНТ, 8 апр - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда таъкидлаганишича, пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар фуқаро олиб келинди. Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинди.
Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилган. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинган. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.
"Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда", – деди давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилган.
"Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда", – деди Мирзиёев.
Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юборганлиги таъкидланди.
Стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарида, муҳим қурилиш майдонларида иш кундалик режа асосида, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилмоқда.
"Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда", – деди Мирзиёев.