ЕТТБ Ўзбекистон банкларига 220 млн доллар кредит ажратади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини пасайтириш борасида Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) коронавирус пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадида 220 млн доллар ажратади. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 1,2 миллиард доллар кредит беради

Вазирлик хабарига кўра, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти билан ўтказган видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан кўмаклашишнинг биринчи босқичи муҳокама қилинган.

ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкига умумий қиймати 220 млн доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади.

Шунингдек, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши оқибатида қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилган. ЕТТБ ушбу йўналишга 100 млн доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.