Ёлғон миш-мишлардан сўнг Назарбоев акс этган видео эълон қилинди

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳукумат раҳбари Аскар Мамин билан учрашди. Улар коронавирус эпидемиясига қарши чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Елбаси Нурсултон Назарбоев ҳукумат раҳбари Аскар Мамин билан учрашди, деб хабар қилди Sputnik Қозоғистон.

Матбуот котиби Айдос Укибай учрашув видеосини Twitter’га жойлаштирди.

Учрашувда коронавирус эпидемиясига қарши чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

“Иш қандай олиб борилаётганини кўрмоқдаман. Президент билан биргаликда муаммоларни ҳал қилмоқдамиз. Кўрилган чоралар эпидемия тарқалиш суръатлари пасайишига ёрдам берди, тиббиёт ходимлари жуда яхши ишлашди”, - деди Назарбоев.

Назарбоев эртага Қозоғистон халқига мурожаатнома тайёрланишини маълум қилди.

“Ҳозир бутун дунёга қийин. Эпидемия чўққисидан ҳали ўтилмади. Шундай экан, бир-биримизга ҳурматни сақлаган ҳолда, сабр-тоқатни намоён этишимиз керак”, - деди Елбаси.

Назарбоевнинг соғлиғи ҳақида миш-мишлар

Ўтган ҳафтада Айдос Укибой қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев бетоб эмас, деган баёнот билан чиққанди.

"Биз ҳеч қачон миш-мишларга изоҳ бермаганмиз. Аммо охирги вақтларда айрим шахслар мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш учун фаол ҳаракатларни бошлаб юборди, хусусан, улар Елбаси соғлиғи ҳақида ҳақиқатга мутлақо зид бўлган маълумотларни тарқатмоқдалар. Буларнинг барчаси - фитна ва ёлғон. Ишонтириб айтаманки, Нурсултон Назарбоев буткул соғлом ва ҳатто карантин шароитида ҳам ватан равнақи учун меҳнат қилишда давом этмоқда", - деган Укибой.

Назарбоевнинг матбуот-котиби, барча чекловлар олиб ташлангач, ишчи учрашув ёки биринчи президент иштирокидаги илк мажлисдан видеоёзув тайёрлаб, бўлишишга ваъда берган.

Маълум бўлишича, қатъий карантин шароитида Елбасининг ишчи кабинетига кириш чекланган.