ОИИБ пандемия туфайли Ўзбекистонга фавқулодда қўшимча маблағ ажратади

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки коронавирус пандемияси сабабли келиб чиққан глобал инқироз шароитларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки пандемия туфайли Ўзбекистонга фавқулодда қўшимча маблағ ажратади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари- инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва ОИИБ президенти Цзинь Лицюн иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон пандемия туфайли ОТБдан 1 млрд долларгача маблағ сўради

Томонлар коронавирус инфекциясини глобал тарқалиши туфайли республика олдида турган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни енгиб ўтиш бўйича ҳамкорлик форматини муҳокама қилдилар.

ОИИБ президенти мамлакат раҳбарияти томонидан аҳолини глобал пандемиядан ҳимоя қилиш учун қўлланилаётган чора-тадбирларни, хусусан, аҳолини иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кенг кўламини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон инқирозга қарши жамғармаси ташкил этилганлигини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, ўзбек томонини мураккаб иқтисодий шароитга қарамасдан, инфратузилмани босқичма-босқич ривожлантириш йўли билан иқтисодиётни барқарорлаштириш ва кейинчалик мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш масаласида банкнинг Ўзбекистонга сезиларли кўмак кўрсатиш истаги борлигини билдирди.

“Шу билан бирга, видеоконференция давомида коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун фавқулодда қўшимча маблағ ажратишни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди”, - дейилган хабарда.

ОИИБ президенти сўровни тезкор тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини ва ОИИБ Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини тасдиқлади.