ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. 2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади. Бу “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарорида белгиланган.
Нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан уларни сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, Нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини яхшилаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Нефть-газ тармоғидаги барча корхоналарда коррупцияга қарши “комплеанс-назорат” тизими жорий этилади.
Юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассислар, шу жумладан хориждаги ватандошларни нефть-газ тармоғи корхоналарига ишга ёллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Нефть-газ тармоғидаги фаолият турларини лицензиялаш такомиллаштирилади ва соддалаштирилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ устав жамғармаларида давлат улуши оширилади.