Прописка масаласи: кутилаётган асосий ўзгаришлар

Эълон қилинган лойиҳада кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Эълон қилинган лойиҳада кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.

Икромов: прописка сўзи амалдан чиқарилиб, ўрнига “қайд этиш” бирикмаси ишлатилади

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.

Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда "прописка" йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.

Вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Биринчи апрелдан Тошкентдан уй сотиб олишга прописка талаб қилинмайди

Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.

Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.

Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.

Қонун лойиҳаси 11 апрелга қадар давом этади.