ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўлими ҳақидаги миш-мишлар бу провокация, деди Назарбоевнинг матбуот-котиби Айдос Укибой.
"Биз ҳеч қачон миш-мишларга изоҳ бермаганмиз. Аммо охирги вақтларда айрим шахслар мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш учун фаол ҳаракатларни бошлаб юборди, хусусан, улар Елбаси соғлиғи ҳақида ҳақиқатга мутлақо зид бўлган маълумотларни тарқатмоқдалар. Буларнинг барчаси - фитна ва ёлғон. Ишонтириб айтаманки, Нурсултон Назарбоев буткул соғлом ва ҳатто карантин шароитида ҳам ватан равнақи учун меҳнат қилишда давом этмоқда", - деган Укибой.
У шунингдек, Назарбоев 3 апрель куни вилоят ва шаҳар ҳокимлари билан мулоқот қилганини эслатиб ўтган. Улар регионлардаги вазиятни ва қозоғистонликлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тайёргарлик ишларини муҳокама қилишган.
Шу ҳокимларнинг ҳар бири Елбаси соғлиғи ҳақидаги маълумотни тасдиқлаши мумкин, дея ишонтирган Укибой.
Назарбоевнинг матбуот-котиби, барча чекловлар олиб ташлангач, ишчи учрашув ёки биринчи президент иштирокидаги илк мажлисдан видеоёзув тайёрлаб, бўлишишга ваъда берган.
Маълум бўлишича, қатъий карантин шароитида Елбасининг ишчи кабинетига кириш чекланган.
Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 500га етган, вафот этганлар сони 4 кишини ташкил қилмоқда.