Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборилди

Ун, озиқ-овқатлар, бир марталик ҳимоя кийимлари, респираторлар ҳамда тест-системалар ортилган поезд Ош шаҳрига жўнаб кетди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 апр - Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан қўшни Қирғизистон Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди, деб хабар қилмоқда Андижон вилояти ҳокимлиги. 

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темирйўл станциясидан минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинзони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалар ортилган поезд қўшни республикага жўнатилди, - дейилган хабарда.

“Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами” шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тасарруфидаги “Қўрғонтепа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди.

Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборилди

Инсонпарварлик ёрдами ортилган махсус эшелон Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига жўнаб кетди.

Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами юборилди