Трамп Россия ва Саудия Арабистони билан нефт борасида музокаралар бошланишини эълон қилди

Трампнинг таъкидига кўра, унинг Россия президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан суҳбати "яхши кечган".
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 апр - Sputnik. АҚШ президенти Доналд Трамп, АҚШ, Россия ва Саудия Арабистони нефть саноатини қўллаб-қувватлаш мақсадида нефтнинг жаҳон нархларини кўтаришни муҳокама қилишини айтди, деб хабар беради РИА Новости.

"Бозор ҳазм қила оладими?" Норвегия нефт қазиб олишни кўпайтирмоқчи

"Улар (Россия ва Саудия Арабистони - таҳр.) йиғилишни режалаштирмоқда, биз ҳаммамиз нима қилишимиз мумкинлигини баҳолаш учун йиғилишни режалаштирмоқдамиз. Чунки сиз саноатни йўқотишни хоҳламайсиз. Бу минглаб ва минглаб иш ўринлари", - деди Америка етакчиси матбуот анжуманида.

У нефт нархининг пастлиги, бир томондан, Америка авиакомпанияларига ёрдам беришини, иккинчи томондан Америка нефт саноатига зарар етказишини тан олди.

"Бу икки мамлакат муҳокама қилмоқда (ушбу масалани - таҳр.). Агар керак бўлса, мен қўшиламан", - деб қўшимча қилди Трамп.

Унинг таъкидлашича, унинг Россия президенти Владимир Путин ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан "суҳбати яхши кечган".

Март ойининг бошидан бери коронавируснинг авж олиши натижасида бозор талабининг пасайиши ва ОПЕК+ келишувлари ўз кучини йўқотгани шароитида нефт нархи деярли икки баравар пасайган. 6 март куни альянс мамлакатлари битим параметрларини ўзгартириш ёки уни узайтириш тўғрисида келиша олмадилар.

Европа ва АҚШ Саудия нефтидан воз кечмоқда - ОАВ

Хусусан, Россия мавжуд шароитларни сақлаб қолишни, Саудия Арабистони эса қазиб олишни янада пасайтиришни таклиф қилди. Натижада 1 апрелдан бошлаб собиқ иттифоқ аъзо мамлакатларида ишлаб чиқаришга қўйилган чекловлар олиб ташланди.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ОПЕК+ музокаралари муваффақиятсиз тугаганидан кейин ишлаб чиқарувчиларнинг нархлар уруши бошланганлиги ҳақида ёзишни бошладилар. Бунда, Рейтер агентлиги Саудия Арабистони ўз нефтини арзонроқ нархда таклиф қилиб, йирик бозорлардан Россия нефтини сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётганини хабар қилди.

Шу билан бирга, қироллик апрелдан нефт етказиб бериш ҳажмини кунига 12,3 миллион баррелга заҳиралари ҳисобига оширишни расман эълон қилди, бу кунига ишлаб чиқариш ҳажмидан 300 минг баррелга кўпдир.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро нархлар уруши кечмаяпти, аммо дунёда ноқулай вазият юзага келган.