Туркманистонда "коронавирус" сўзини айтиш таъқиқланди

Илгарироқ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фуқароларга вирусдан халқона усул - исириқ тутуни билан ҳимояланишни маслаҳат берган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 мар - Sputnik. Туркманистон ҳукумати COVID-19 пандемияси туфайли аҳоли ўртасида кўтарилаётган ваҳимани бостиришнинг таъсирчан усулини топишди, дейилади Чегара билмас репортёрлар халқаро ташкилоти сайтида.

Нима учун Тожикистонда коронавирус йўқ – асосий версиялар

Айтилишича, ваҳимани бостиришнинг ечими жуда осон - бунинг учун "коронавирус" деган сўзга таъқиқ қўйиш ва уни муомаладан чиқариб ташлаш лозим.

Хабарда айтилишича, ушбу сўз мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таълим масканлари, касалхоналар, турли корхоналар ва компанияларга юбориладиган махсус брошюралардан чиқариб ташланган.

Ташкилот вакилларининг ёзишича, кўчаларда ниқоб тақиб, коронавирус пандемиясини муҳокама қилиб кетаётган фуқаролар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олиниши мумкин.

Туркманистон ҳукумати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда бирорта ҳам COVID-19га чалиниш ҳолати қайд этилмаган.

Сал олдин мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукумат мажлиси давомида фуқароларга ўзларини исириқ тутуни ёрдамида вирусдан ҳимоя қилишни маслаҳат берган эди.

Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, исириқ тутуни инсон организмига ушбу хавфли вирусларнинг киришини олдини олади.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтга қадар COVID-19ни юқтирган кишилар сони 786 мингдан ошди, 38 мингга яқини вафот этди, 165 мингдан зиёди соғайди.