Самарқандда аҳоли орасида ваҳима тарқатмоқчи бўлган шахс бир ойга қамалди

Фуқаро “Пахтачи тумани Тома маҳалласида яшовчи О. исмли шахс коронавирусга чалиниб, кўп миқдорда ароқ ичиб бугун вафот этганлиги айтилмоқда” деган ёлғон маълумотни тарқатган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Самарқандда аҳоли орасида вахима тарқатмоқчи бўлган шахсга 30 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, вилоятнинг Пахтачи туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.Ш. 2020 йил 25 март куни соат марҳум маҳалладоши кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги оқибатида вафот этганлигини эшитган. Кейин бир нечта телеграм каналларига унинг коронавирусга чалиниб, кўп ароқ ичиб вафот этгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган.

Энди 10 йилгача: карантин қоидасини бузганлик учун жазо кучайтирилди

Пахтачи туман Маъмурий ишлар бўйича суди томонидан ушбу фуқарога Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 205-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун 30 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, карантин даврида инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш БҲМнинг 200 бараваригача (44, 600 млн сўм) жарима жазосига тортишга, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ва 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган шахс 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликни чеклаш ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.